Bek Cluster қўшма корхонаси

«ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ» ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ГУЛИСТОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ, ҲАМДА  BEK CLUSTER MCHJ БИЛАН ТУЗИЛГАН ШАРТНОМА АСОСИДА БАЖАРИЛАДИГАН ИШЛАР

Олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида кластерли тизимга асосланган интеграцион фаолият модели Гулистон давлат университети,“Bek Cluster” ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлиги асосида яратилади. БКҚК ўсимлик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари йўналишида йирик база ва ишлаб чиқариш тизимини инновацион ишланмалар асосида ташкил этишга йўналтирилган имкониятга эга. Университетда 5 та таълим йўналишлари БКҚКнинг ишлаб чиқариш йўналишларига мос келади. Университет ва БКҚК билан тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан бугунги кунда 3 та инновацион лойиҳа корхона ишлаб чиқариш тизимида тадбиқ этилмоқда ҳамда 4 та амалий лойиҳалар бўйича тадқиқотлар ушбу корхона базасида ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳалар бўйича олиб борилаётган тадқиқотларга университет олимлари, докторант тадқиқотчи, магистрантлар ва талабалар жалб қилинган. Корхонанинг ишлаб чиқариш базаларида 8 та таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув амалиётлари ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелда Сирдарё вилоятига қилган ташрифи давомида БКҚК базасида давлат шерикчилиги асосида университет олим ва талабалари фаолиятини жалб қилган ҳолда “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари илмий-амалий маркази”ни ташкил этиш бўйича қилинган қарор ҳамкорликда олиб борилаётган амалий фаолиятни юқори даражада ташкил этишга муҳим асос бўлади. Шунга кўра лойиҳа бўйича амалга ошириладиган амалий тадқиқотлар асосидақуйидаги натижаларга эришилади:

– БКҚК базасида олиб борилаётган ўқув амалиётлари моҳиятидан келиб чиққан ҳолда 5 та таълим йўналишининг ўқув дастурига мос ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилади;

– БКҚК базасида унинг ички имкониятлари асосида давлат шерикчилигида шакллантирилаётган илмий-амалий марказ лабораториялари (ўсимлик маҳсулотларини қайта ишлаш технологиялари, ўсимлик ва тупроқ таҳлили, ўсимликлар селекцияси, ўсимликлар ҳимояси, тўқимачилик) ҳамда пахта толасини қайта ишлаш, тўқимачилик, озиқ-овқат технологияси, иссиқхона каби технопаркларда ўтказиладиган амалий машғулотлар, тадқиқотчи ва олимлар фаолияти асосида олиб бориладиган амалий ҳамда инновацион тадқиқот йўналишларидан келиб чиққан ҳолда кластерли моделга асосланган ўқув-илмий комплекс ташкил этилади;

– келгусида университет ва ишлаб чиқариш корхонаси ўртасида ўқув-илмий-ишлаб чиқаришнинг симбиотик тузилмасини акс эттирувчи йирик “кампус” барпо этилишига муҳим бир асос бўлиб хизмат қилади;

– кластерли моделга асосланган ўқув-илмий комплекси асосида “келажак университети” модели шакллантирилади;

– олий таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси асосида яратиладиган ўқув-илмий комплекс назарий билим ва фундаментал тадқиқотлар (университет), амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар (илмий-амалий марказ), амалиётлар (технопарк ва ишлаб чиқариш) базаларидан иборат бўлади.